Ҳар йили 30 июль санасида дунё бўйлаб Халқлар дўстлиги куни кенг нишонланади. Ушбу сана 2011 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан белгиланган бўлиб, унинг асосий мақсади — халқлар, маданиятлар ва давлатлар ўртасида ўзаро ишонч, ҳурмат, бирдамлик ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашдир.
Бугунги кунда дунёдаги барқарорлик, тараққиёт ва тинчлик айнан турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликка асосланмоқда. Ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва муросага асосланган жамиятда ҳар бир инсон ўзини эркин, хавфсиз ва қадрланган ҳис қилади.
Ўзбекистон Республикаси дўстлик ва тотувлик тамойилларини доимо қадрлаб келади. Мамлакатимизда турли миллат ва элат вакиллари ягона оиладек тинч-тотув яшаб келаётгани бу ғоянинг амалий исботидир.
My.gov.uz портали ушбу кунда барча юртдошларимизни меҳр-оқибат, тотувлик ва бир-бирини тушунишга асосланган жамият барпо этишда фаол бўлишга, дўстлик ва ҳамжиҳатлик ғояларини қадрлашга чорлайди.
Келинг, дўстликни асрайлик ва биргаликда фаровон, тинч ва барқарор жамият сари ҳаракат қилайлик!